Жорий йилнинг 7 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтида (ҚҲСИ) мазкур лойиҳани ишлаб чиқувчиси ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бизнес-омбудсман) экспертлари иштирокида“Молиявий жарима тўғрисида”ги Қонун лойиҳасининг муҳокамаси бўлиб ўтди.

Тадбирда Қонун лойиҳасининг мақсади ва асосий қоидалари, молиявий жарима қўллашнинг умумий асослари ва шартлари, шунингдек, мазкур жараёнда қонунийлик, мутаносиблик ва процессуал адолат принципларини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, молиявий жариманинг ҳуқуқий табиати, унинг соҳавий қонунчилик билан ўзаро нисбати, қонуннинг қўлланилиш доираси ҳамда юридик шахсларнинг жавобгарликка тортилиши учун асосларни аниқ белгилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, юридик шахснинг айби, айбсизлик презумпцияси, далилларни баҳолаш, ваколатли органларнинг ваколатлари, молиявий жарима миқдорини белгилаш, енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиш ҳамда қарорлар устидан шикоят қилиш тартиби юзасидан фикр алмашилди.

Муҳокама якунида Қонун лойиҳасини ҳуқуқий ва концептуал жиҳатдан такомиллаштириш, молиявий жарима қўллаш механизмларини янада аниқ ва шаффоф белгилаш ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш бўйича таклифлар билдирилди.