Ўзбекистон Республикаси 1991 йил 31 август куни расман мустақилликка эришди. Шу кундан бошлаб давлат халқаро майдондаги ўз ўрнига, ўз давлат атрибутларига ва ўз номи билан миллий манфаатларини ҳимоя қила олиш мақомига эга бўлди.

Мустақиллик фақатгина давлатнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлабгина қолмай, халқнинг ички бирлиги, ўз кучига бўлган ишончи, юксак масъулияти ҳамда умумий мақсадлари йўлида бирлаштирди.

Ўзбекистон Республикасининг 35 йиллик мустақиллик тарихини ўзининг моҳияти, суръати ва эришилган натижаларига кўра икки йирик даврга бўлиш мумкин:

Биринчи давр: 1991–2016 йиллар – миллий давлат пойдеворини қуриш, суверенитет асосларини шакллантириш ва дастлабки тараққиёт йўлини белгилаб олиш босқичи бўлди. Қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин:

Аввало, Ўзбекистонда амалга оширилган барча ўзгаришларнинг дебочаси ва ислоҳотларнинг бош манбаи – 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган мустақил Ўзбекистон Конституцияси бўлди. Асосий қонун давлат қурилишининг учта муҳим устунини, яъни ҳокимиятлар бўлиниши, инсон ҳуқуқлари устуворлиги ҳамда хусусий мулк дахлсизлигини белгилаб берди. Мамлакатдаги кейинги барча ислоҳотлар айнан мана шу учта тамойилни амалиётга татбиқ этишга йўналтирилди.

Шунингдек, Конституциянинг иқтисодий ижроси сифатида, унда кафолатланган “хусусий мулк дахлсизлиги” тамойили асосида бозор иқтисодиётига ўтиш бошланди. Бу жараёнда иқтисодий муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳужжат – Фуқаролик кодекси ва қатор иқтисодий қонунлар қабул қилинди. Ушбу базавий қонунлар йиллар давомида такомиллашиб бориб, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ерга бўлган хусусий мулкчилик ва мулк дахлсизлигини кафолатловчи нормаларнинг янада кучайишига мустаҳкам замин яратди.

Қолаверса, Асосий қонундаги “инсон ҳуқуқлари устуворлиги” ҳамда “ҳокимиятлар бўлиниши” тамойилларини амалда таъминлаш мақсадида инсон ҳуқуқлари ва суд-ҳуқуқ тизимида чекловлар кескин камайтирилди. Ушбу йўналишда 2008 йилда иккита йирик тарихий қадам ташланди. Биринчидан, инсоннинг яшаш ҳуқуқи олий даражада кафолатланиб, 2008 йил 1 январдан Ўзбекистонда ўлим жазоси тўлиқ бекор қилинди ва унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатли қамоқ жазоси жорий этилди. Иккинчидан, шахсий дахлсизлик ва суд назоратини кучайтириш мақсадида “Хабеас корпус” институти жорий қилиниб, одамларни қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ваколати қораловчи орган ҳисобланган прокуратурадан мустақил орган – судларга ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, 1991–2016 йиллар Ўзбекистоннинг суверен ҳуқуқий пойдевори яратилган давр бўлди. Бу жараён Асосий қонун Конституция қабул қилиниши билан бошланиб, ундаги тамойиллар асосида аввал иқтисодий муносабатлар, сўнгра суд-ҳуқуқ соҳаси такомиллаштирилди. Бу давр собиқ тузум сарқитларидан воз кечиб, демократик давлат ва бозор иқтисодиётининг дастлабки, аммо энг муҳим ҳуқуқий асосларини шакллантириб берди.

Иккинчи давр: 2016 йилдан то ҳозиргача бўлган босқич эса, ўтмиш хатоларидан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, шаффофлик, чуқур ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, ташқи сиёсатда “янги ишонч муҳити” ҳамда халқ ва давлатнинг ҳақиқий ҳамжиҳатлиги йўлга қўйилган янги юксалиш даври сифатида тарихга кирди.

2016 йилдан кейин давлатимизни 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси ҳамда 2023 йилда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, қолаверса, 2026 йилда “мақсад – ҳаракат – натижа” занжирига асосланган янги таҳрирдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегияси шакллантирилди.

Ўзбекистон мустақиллигининг ушбу 35 йили давомида жуда мураккаб, аммо муваффақиятли тарихий йўлни босиб ўтди. Давлатнинг мустақиллик йилларида босиб ўтган чорак асрдан зиёд даврини таҳлил қилар эканмиз, мамлакатнинг ҳар бир соҳада ўзига хос ривожланиш йўлини кўришимиз мумкин. Бу ривожланишнинг бош пойдевори – 1992 йил 8 декабрда қабул қилиниб, ҳокимиятлар бўлиниши, инсон ҳуқуқлари ва хусусий мулк дахлсизлигини ўрнатган ҳамда 2023 йилда янги таҳрирда тасдиқланиб, Ўзбекистонни “ижтимоий, ҳуқуқий ва дунёвий давлат” сифатида кафолатлаган ва “инсон қадри” тамойилини олий даражага кўтарган асосий қонунимиз бўлди.

2023 йилда бўлиб ўтган умумхалқ референдуми шунчаки асосий қонуннинг қабул қилиниши эмас, балки ушбу жараён Ўзбекистон халқининг сиёсий етуклиги ва фуқаровий ҳамжиҳатлигини намоён этди. Бевосита халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизни ҳақли равишда мустақил давлатчилигимизнинг таянч устуни ва миллий тараққиётимизнинг ҳуқуқий кафолати, деб аташимиз мумкин. Бу чинакам маънодаги халқчил Қомус бўлиб тарихга кирди.

Конституцияни янгилаш ғояси илк бор Президентимиз томонидан 2021 йилнинг 6 ноябрида – лавозимга киришиш маросимидаги нутқида расман илгари сурилди. Давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси марказида бевосита инсон, унинг қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш туришини, шунингдек, бундан буён “давлат – жамият – инсон” деган эски қоидани тубдан ўзгартириб, “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойилни Конституция ва қонунларда, кундалик ҳаётда мустаҳкам белгилаб қўйиш зарурлигини таъкидладилар.

2022 йил 20 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Конституциявий комиссия билан бўлиб ўтган учрашувида ҳам давлатимиз раҳбари ислоҳотларнинг тўртта асосий йўналишини белгилаб бердилар: инсон қадр-қиммати ва ҳуқуқларини олий қадрият даражасига кўтариш, “ижтимоий давлат” тамойилини мустаҳкамлаш, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва халқпарвар давлат бошқарувини шакллантириш шулар жумласидандир. Шу муносабат билан, Президентимиз инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш ва муносиб ҳаёт шароитини яратиш мақсадида “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” ғоясини Конституцияда қатъий белгилашни таклиф этдилар.

Ушбу ислоҳотларнинг энг муҳим жиҳати – жараёнда “Халқ Конституцияси” тамойили устувор бўлганидан иборат. Президентнинг лойиҳани кабинетларда эмас, бевосита халқ билан бамаслаҳат ёзиш ҳақидаги талаби натижасида аҳолидан 220 мингдан ортиқ таклифлар тушди ва “Янгиланаётган Конституциямизнинг чинакам муаллифи – бу халқимиздир” деган ғоя амалда ўз исботини топди. Шу тариқа, кенг умумхалқ муҳокамаларидан сўнг, 2023 йилнинг 30 апрелида бўлиб ўтган референдумда янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинди.

Биринчидан, аввалги йилларда яратилган ҳуқуқий база эндиликда қоғоздан амалиётга кўчиб, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар сезиларли даражада янги босқичга кўтарилди. Конституция ва қонунларда белгиланган хусусий мулк дахлсизлигини реал ҳаётда таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига давлатнинг асоссиз аралашувларини кескин чеклаш ҳамда инвесторларни ҳимоя қилувчи янги институтларнинг, хусусан, Бизнес-омбудсманнинг жорий этилиши эркин бозор муносабатларига кенг йўл очди. Маълумки, 2016 йилгача бўлган даврда “камбағаллик” деган атама расмий доираларда деярли тилга олинмас ва умуман бу муаммонинг борлиги яширилар эди. Халқ ва давлат бирлигининг мисоли сифатида давлат ўз хатосини тан олишни ўрганди, бу муаммога тик қараб унга қарши кураш йўлларини излади ва бунга эришмоқда ҳам.

Жаҳон банкининг Ўзбекистон бўйича ҳисоботларида шундай таъкидланадики, мамлакатда камбағалликни қисқартириш учун ташкил этилган ноёб ўзбек модели – “Маҳаллабай” ишлаш тизими кутилганидан кўра самаралироқ ва тезроқ натижа берди деб юқори баҳоласак бўлади. Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2020 йилда камбағаллик даражаси 23 фоизни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич йиллар давомида юқорида таъкидланган тизимли ислоҳотлар орқали 11 фоизга ва ундан ҳам пастроқ фоизга туширилди.

Шу билан бирга, 2017 йилдаги валюта бозорининг либераллаштирилиши натижасида иқтисодиётдаги “қора бозор” деган тушунчага барҳам берилди. Иқтисодий жиноятлар бўйича жазоларнинг енгиллаштирилиши, тадбиркорларга етказилган зарарни қоплаш шарти билан қамоқ жазосини қўлламаслик амалиётининг кенгайиши натижасида эса, давлат ва бизнес вакиллари ўртасидаги ўзаро ишонч янада мустаҳкамланди, деб айта оламиз. Шунингдек, Миллий статистика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон пандемия ва ташқи сиёсий инқирозларга қарамай, нафақат 5-6 фоизлик ўсишни сақлаб қолди, балки сўнгги йилларда янада тез суръатларда ўсишни қайд этмоқда.

Иккинчидан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини олий қадрият даражасига кўтарган ҳуқуқий тизим илм-фан, инновация ва таълимга таянган янги тараққиёт босқичига йўл очди. Давлатнинг инсон ҳуқуқларини кучайтириши жамиятда эркин фикрловчи ва келажакка ишонч билан қарайдиган янги авлодни шакллантиришга хизмат қилди. Бунинг ортидан давлатимизнинг таълим соҳасида қилган ислоҳотлари ўз натижасини аста-секин кўрсатмоқда.

Хусусан, мактаб ва олий таълимда эришилган ютуқларнинг энг муҳим ҳуқуқий ва ижтимоий сабабларидан бири юртимизда болалар меҳнати ва тизимли мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилгани бўлди. Ўқитувчи ва ўқувчиларнинг далага пахта тергани эмас, балки аудиторияга бевосита таълим ва илм-фанга қайтиши таълим сифатининг ўсишига тўғридан тўғри таъсир қилди.

Шунингдек, 2017 йилда фуқароларнинг давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан эркин шикоят қила олишини таъминловчи маъмурий судлар тизимининг ташкил этилиши, одамларда адолатга ва ўз ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояланишига бўлган ишончни кескин оширди. Бунга қўшимча равишда, Омбудсман, Болалар омбудсмани ва Бизнес-омбудсман институтлари ваколатларининг кенгайтирилиб, уларга ҳатто қамоқхона ва ёпиқ муассасаларга монеликсиз кириш ҳуқуқи кафолатлангани, шу билан бирга, гендер тенгликни таъминлаш ва оилавий зўравонлик учун алоҳида жиноий жавобгарликнинг белгиланиши – мамлакатда инсон қадрини реал ҳаётда таъминлашнинг ёрқин намунаси бўлди. Оилавий зўравонлик учун алоҳида жиноий жавобгарликнинг белгиланиши – бу давлатимизнинг ижтимоий функцияси тобора кучайиб бораётганининг ёрқин далилидир. Ҳуқуқий стереотипларга қарамай, Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси билан бу турдаги жиноятларга жавобгарликнинг кучайтирилиши, энг аввало, инсон қадри, хотин-қизлар ҳуқуқлари ва оила муқаддаслигини ҳимоя қилиш йўлидаги тарихий қадам бўлди.

Айнан мана шундай очиқ, эркин ва хавфсиз ҳуқуқий муҳит давлатимизнинг таълим соҳасидаги ислоҳотлари аста-секин ўз натижасини кўрсатишига асосий замин яратди. Бу тарихий бурилишнинг яққол исботини қуйидаги статистик кўрсаткичлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Жумладан, мактабгача таълим қамровини оладиган бўлсак, 2017 йилгача бўлган даврда 27,7 фоизни ташкил этган бўлса, бугунга келиб давлат ва хусусий сектор шериклигида 74 фоиздан ошган. Мактаб таълимида асосий ислоҳотлар инфратузилмани кенгайтириш ва таълим мазмунини халқаро стандартларга тенглаштириш каби ишлар амалга оширилди. Бунинг натижасида, маълумотларга кўра, бугунги кунда умумий ўрта таълим ташкилотлари 11 118 тани ташкил этиб, бу кўрсатгич 2017 йил 9 671 тага нисбатан анчагина юқори натижа ҳисобланади.

Шунингдек, Олий таълим тизимидаги мустақиллик туфайли юқори ўсиш кўрсаткичлари қайд этилди. Олий таълим муассасаларида таълим олаётган талабалар сони 2021–2022 ўқув йилидаги 808,4 минг нафардан сўнгги ўқув йили (2025-2026 йиллар) бошида 1 миллион 535 мингга етиб, қисқа давр ичида деярли икки бараварга кўпайди.

Ўзбекистондаги бу ислоҳотлар натижасида фақат ички қамровда юксалиш бўлибгина қолмай, балки халқаро рейтингларда ҳам юқори ўринларни қайд этди. Жумладан, нуфузли “QS World University Rankings by Subject 2026” натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг 7 та олий таълим муассасаси дунёнинг энг кучли “TOP-1000” университетлари рўйхатидан жой олди. Хусусан, Тошкент давлат техника университети (ТошДТУ) “нефт ва газ мухандислиги” йўналиши бўйича дунёда “TOP 101-200” ўринлар гуруҳига кирди.

Шунингдек, “The Impact Rankings 2026”да, Буюк Британиянинг “Times Higher Eduсation” агентлиги томонидан эълон қилинган рейтингда Ўзбекистоннинг 24 та университети жаҳоннинг “TOP-1000” талигидан жой олди. Бу кўрсаткич билан Ўзбекистон Марказий Осиё ва Кавказ минтақасида мутлақ етакчига айланди.

Таълим ислоҳотларининг амалий самараси ёшларимизнинг халқаро майдондаги ютуқларида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Хусусан, 2025 йилда ўқувчиларимиз халқаро олимпиадаларда жами 210 та медал, жумладан, 40 та олтин78 та кумуш ва 92 та бронза билан мамлакат тарихида мутлақ рекорд ўрнатган бўлса, 2026 йили Колумбиядаги нуфузли физика олимпиадасида яна 5 та мукофот (2 та кумуш, 2 та бронза ва битта фахрий ёрлиқ)ни қўлга киритди.

Шу билан бирга, ёшларнинг хорижда таълим олиш қамрови жадал кенгайиб, биргина “Эл-юрт умиди” жамғармаси кўмагида 2018-2025 йиллар давомида 2300 нафардан ортиқ ватандошимиз дунёнинг энг нуфузли университетларида давлат гранти асосида таҳсил олиш имкониятига эга бўлди.

Учинчидан, Янги Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги шон-шуҳрати ва қудрати бугун спортдаги тарихий зафарларимизда ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. Давлатимизни жаҳонга танитувчи қудратли восита бўлган спорт соҳасидаги изчил ислоҳотлар ҳамда кучли иқтисодий-маънавий қўллаб-қувватлашларга спортчиларимиз халқаро ареналардаги ўзининг қатор рекордлари ва тарихий зафарлари билан муносиб жавоб қайтармоқда.

Халқаро Олимпия қўмитасининг расмий якуний жадвалига кўра, 2024 йилги Париж ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон тарихий натижани қайд этиб, 8 та олтин2 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритилди.

Натижада, Ўзбекистон умумжаҳон рейтингида 13-ўринни, Осиёда кучли тўртталикдан, МДҲ давлатлари орасида 1-ўринни, Марказий Осиёда ҳам биринчи ўриндан жой олгани қайд этилди.

Шунингдек, 2025 йил Ўзбекистон миллий терма жамоаси “FIFA” Жаҳон чемпионатига йўлланма олгани бу Ўзбекистоннинг мустақилллик даврида футболдаги энг катта ютуғи сифатида эътироф этилди. Ўзбекистон бу ютуғи билан Марказий Осиёдан Жаҳон чемпионатига чиққан биринчи мустақил давлатга айланди. Ўзбекистоннинг Жаҳон чемпионатидаги бутун халқни бирлаштирган тарихий иштироки жаҳон спорти намоёндалари томонидан ҳам эътироф этилди ва бунга мисол сифатида “FIFA” президенти Жанни Инфантино ўз саҳифаларида жамоамизга миннатдорчилик билдириб, шундай хабар қолдирди:

“Сиз бутун дунёга ва мамлакатингиздаги одамларга ҳар қандай катта орзу рўёбга чиқиши мумкинлигини исботладингиз”.

ОАВларда қозоғистонлик шарҳловчиларнинг: “Биз бугун қўшнимизга ҳавас ва катта фахр билан қараяпмиз”, деган эътирофлари ёритилганини таъкидлаш жоиз.

Бу тарихий онларни фақат спортчиларнинг кучи эмас, балки бутун жамиятимизнинг умуммиллий ғалабаси дейиш ўринлидир. Зеро, қайси ҳудуддан бўлишидан қатъи назар барча ягона “Ўзбекистон” номи билан ҳамоҳанг бўлди ва Ватан байроғини юксалтириш мақсади барча бир жамоага бирлашди.

Шу билан бирга, Халқаро шахмат федерацияси баённомаларига биноан, 2022 йил Ҳиндистоннинг Чиннай шаҳрида ўтказилган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси чемпионликни қўлга киритди. Н. Абдусатторов, Ж. Синдаров каби ёш гроссмейстерларимиз ўзларининг улкан натижалари билан интеллектуал салоҳиятларини кўрсатишди.

Тўртинчидан, Конституцияда мустаҳкамланган ижтимоий давлат ва инсон қадри тамойиллари мустақилликнинг турли синовли даврларда халқимиз ўзининг бирдамлигини кўрсатганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Жумладан, 2020 йилда бутун дунё сингари Ўзбекистон ҳам “Covid-19” пандемияси билан юзлашиб катта инқирозли ҳолатларни бошдан кечирди. Бундай оғир вазиятда турли қийинчиликларга қарамай қисқа вақт ичида махсус шифохоналар қурилди, “Саҳоват ва кўмак”, “1197 қисқа рақамли қўнғироқ марказлари ва Волонтёрлик платформалари”, “Миллий таомлар карвони”, “Руҳий бирдамлик”, “Маҳаллий саноатнинг тезкор сафарбарлиги” каби умуммиллий ҳаракатлар орқали эҳтиёжманд оилалар қўллаб қувватланди, минглаб шифокорлар ва кўнгиллилар жамоалари тузилиб ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб халқ учун бирлашдилар. Бундай ҳаракатларни мустақиллик йилларида шаклланган демократик ва ҳуқуқий жамиятнинг энг олий натижаси бўлмиш фуқаролик бирдамлиги фуқаролик бирдамлиги, дея эътироф этишимиз мумкин.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки йилларида Конституциявий тамойиллар – ҳокимиятлар бўлиниши, хусусий мулк дахлсизлиги ва инсон ҳуқуқларига таянган ҳолда ўзининг мустаҳкам давлатчилик пойдеворини яратган бўлса, 2016 йилдан кейинги даврда бу пойдевор устида “Ҳаракатлар” ва “Тараққиёт” стратегиялари каби аниқ мақсадли дастурлар орқали ушбу ҳуқуқларни қоғоздан реал ҳаётга кўчирди ва чинакам ижтимоий-иқтисодий тубдан тараққиётни амалга оширди. Айнан инсон қадрининг олий қадрият даражасига кўтарилиши, жамиятнинг мажбурий меҳнатдан озод қилиниши, одил судлов ҳамда Омбудсман институтлари орқали халқнинг ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилиши очиқ ва эркин муҳитни шакллантириб берди. Юқорида тилга олинган илм-фан, таълим ва спортдаги тарихий зафарлар ана шу ҳуқуқий ва стратегик йўлнинг амалий натижасидир ҳамда бу ютуқлар бугунги кунда янгиланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида белгиланган янада улкан марралар учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.

Бу улкан ва тарихий ютуқлар фақат давлатнинг ёки фақат халқнинг бир томонлама қилган ҳаракати эмас, балки икки томоннинг ҳамжиҳат бўлиб қилган ҳаракатлари маҳсулидир. Чунки юқорида таъкидлаган ҳар бир соҳа ва улардаги ютуқларда давлатнинг ҳам, халқнинг ҳам ўзига яраша катта ўрни ва меҳнати борлиги яққол кўриниб туради.

Шу ўринда, дунёга машҳур сиёсатшунос Франсис Фукуяма “Ўзаро ишонч юқори бўлган жамиятлар самарали институтларни яратиш ва барқарор иқтисодий тараққиётга эришишда муваффақиятли бўлади”, деб таъкидлайди. Айни шу жиҳатни биз Ўзбекистон мустаққиллигининг 35 йилидан буён таъминлаб келаётган жиҳат, дея урғу бера оламиз. Сабаби ҳозирда эришилаётган барча ютуқ ва натижалар ана шу ўзаро ишонч ортига қурилган ва бу янада мустаҳкамланиб бормоқда. Қолаверса, Амир Темурнинг қуйидаги ҳикмати ёдга тушади: “Бошсиз мамлакат жонсиз танага ўхшайди. Бежон таннинг аҳволи вайроналикка яқиндир”.

Тарих ва бугунги кун кўрсатиб турибдики, юртнинг фаровонлиги адолатли ва халқпарвар йўлбошчига бевосита боғлиқ. Чиндан ҳам, бугун юртимизга бош бўлиб, давлатимиз раҳбари олиб бораётган оқилона сиёсат, тинимсиз заҳмат ва Ватан равнақи йўлидаги тизимли ислоҳотлар туфайли жамиятимиз ҳур, маҳаллаларимиз осойишта, мамлакатимиз тинч ва ободдир. Бу эса, мустақиллигимизнинг энг олий неъматидир.

Зокиров Шерзод Илхом ўғли,Ўзбекистон Республикаси Президентиҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсатинститути бош илмий ходими.

Миралиева Севара Жўрабек қизи,Ўзбекистон Республикаси Президентиҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсатинститути таянч докторанти