Жаҳон иқтисодиёти “барқарор”, “рақамли” ва “яшил” аҳамиятга эга бўлиб бораётган бир даврда стратегик режалаштиришнинг роли мамлакат иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши учун ҳар доимгидан ҳам муҳимроқ аҳамият касб этмоқда. Бундай шароитда мамлакатларнинг иқтисодий ўсиш шартлари “барқарор” мақсадларга асосланиши зарур.

Бу каби мақсад ва вазифалар эса одатда стратегиялар, концепция ва мақсадли дастурларда, яъни стратегик характердаги ҳужжатларда акс эттирилади.

Стратегия, концепция ва мақсадли ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда ҳаётга татбиқ этиш стратегик режалаштириш тизимининг асосий бўғинини ташкил этади. Санаб ўтилган ҳужжатлар стратегик режалаштиришнинг маҳсули бўлиб, улар жамият ва давлат ривожи учун хизмат қилади.

Умуман олганда, стратегик режалаштириш мақсад ва бошқарув мезонларини шакллантириш, муаммолар ва ривожлантирилиши зарур бўлган муҳитни таҳлил қилиш, стратегик ғояларни аниқлаш, сценарийлар ва тараққиётнинг устувор йўналишларини танлаш ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожланишни прогнозлаш орқали стратегик ҳужжатни ишлаб чиқиш жараёнидир.

Стратегик режалаштириш одатий режалаштиришдан мақсад ва вазифалари, илмий-амалий таҳлиллари ва прогнозларга асослангани, мақсадларга эришишнинг мақбул вариантлари яратилиши, воситалар ва ресурслар билан таъминлангани, ижро механизмлари белгиланиши, давлат бюджети маблағларидан янада самарали фойдаланишга қаратилгани билан фарқланиб туради.

Ижтимоий-иқтисодий ривожланишга доир рақамлар ҳам стратегик характердаги ҳужжатлар ишлаб чиқишга йўналиш беради. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти таҳлилларига кўра, 2030 йилга бориб, юртимиз аҳолиси 41 миллиондан ошади. Бу эса урбанизация, ижтимоий инфратузилма ва бошқа ижтимоий соҳалар (соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, таълим) тизимини тегишинча ривожлантириб боришни ва рақамларда келтирилган аҳоли эҳтиёжларига жавоб бера оладиган даражага етказишни талаб этади.

Давлатчилик тараққиётининг барча даврларида стратегик режалаштириш тизимидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилинган. Ўтган асрнинг 60-йилларидан юқори иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига эга мамлакатлар ҳам ривожланишнинг 5-10 йиллик ва ҳаттоки бир неча ўн йилликларга мўлжалланган миллий дастурларини қабул қила бошлади.

Ривожланишнинг стратегик ҳужжатларга асосланиши давлат бошқарувида ва халқаро ташкилотларнинг фаолиятида кенг қўлланилмоқда. Хусусан, БМТ ҳужжатларида акс эттирилган ва бевосита унинг мувофиқлаштируви остида амалга оширилган “Ўн йиллик ривожланиш дастурлари”, “Минг йиллик ривожланиш мақсадлари”, “Барқарор ривожланиш мақсадлари” кўплаб мамлакатлар учун иқтисодий-ижтимоий ривожланишни белгилашда муҳим андаза бўлиб хизмат қилмоқда. Натижада хорижий давлатларнинг ўрта ва узоқ истиқболга мўлжалланган дастурлардан кенг фойдаланиш амалиёти шаклланди.

Ўзбекистонда ҳам 2017 йилдан эътиборан мамлакатни ёки муҳим тармоқларни ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ривожлантиришнинг стратегик характерга эга бўлган ҳужжатлари қабул қилина бошланди.

Ҳозирги кунда умуммиллий, соҳавий ва ҳудудий ривожланишнинг устувор йўналишларини белгилашга қаратилган, стратегик характердаги 60 дан зиёд ҳужжат — стратегия, концепция, дастур қабул қилинди ва амалга оширилмоқда. Уларнинг айримлари кенг қамровлилиги билан алоҳида ажралиб туради. Хусусан, 2017 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022 йилдаги 2022-2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва 2023 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси.

Умуммиллий, соҳавий ва ҳудудий стратегиялар асосида мамлакатни ривожлантиришга эътибор берилиши стратегик режалаштириш тизимини ҳуқуқий жиҳатдан янада такомиллаштиришга туртки бўлмоқда. Айни дамда миллий стратегик режалаштириш тизими Конституция, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги, “Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа соҳавий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланган. Бироқ таҳлиллар натижасида шундай фикрга келиш мумкинки, стратегик режалаштириш тизимининг асосий элементларидан бири бўлган ягона қонунчилик ҳужжатини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Хорижий давлатлар тажрибасига назар ташласак, Данияда “Режалаштириш тўғрисида”ги, АҚШда “Давлат органлари фаолиятини баҳолаш тўғрисида”ги, “Давлат бошқаруви ва жавобгарлигини такомиллаштириш тўғрисида”ги, Канадада “Таъсирни баҳолаш тўғрисида”ги, Австралияда “Режалаштириш тўғрисида”ги, Янги Зеландияда “Ҳудудий режалаштириш тўғрисида”ги, Японияда “Миллий ҳудудий режалаштириш тўғрисида”ги, Сингапурда “Режалаштириш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинган.

МДҲ давлатларида ҳам ушбу соҳани ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Россияда “Стратегик режалаштириш тўғрисида”ги қонун, Қозоғистонда ҳукуматнинг “Давлат режалаштириш тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Ушбу давлатларда стратегик режалаштириш тизимининг қонунчилик асосларини белгилаш билан бирга унинг институционал асослари ҳам яратилган. Масалан, АҚШда Бошқарув ва бюджет идораси, Франция ҳукумати ҳузурида режалаштириш бўйича Франция Бош комиссарлиги, Франция Стратегия маркази, Корея Республикасида Стратегия ва молия вазирлиги, Сингапурда Бош вазир девонидаги Стратегия гуруҳи, Қозоғистонда Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги ташкил этилган. Улар стратегик режалаштириш тизимини бошқаради ва ушбу соҳадаги давлат сиёсатини мувофиқлаштиради.

Президентимизнинг “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони лойиҳасида “Стратегик режалаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклифи назарда тутилиши жуда ҳам долзарб. Ўзбекистонда давлат бошқарувида стратегик режалаштириш тизимини такомиллаштириш, хусусан, соҳада ягона тизимлашган қонун ҳужжати — “Стратегик режалаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни қабул қилиш давлат стратегик режалаштириш тизимидаги бўшлиқларни тўлдиради.

Фикримизча, ушбу қонун қабул қилинса, аввало, давлат бошқарувида стратегик режалаштиришнинг тизимлашган қонунчилик асоси яратилади. Турли даражадаги стратегик характердаги ҳужжатларни қабул қилишнинг методологик асослари такомиллаштирилади. Шунингдек, нафақат республика ёки соҳаларни ривожлантириш, балки ҳудудлар, хусусан, чекка, олис шаҳар ва туманларни ҳам комплекс ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқишнинг мувофиқлашган тартиби жорий этилади.

Бундан ташқари, давлат стратегик ҳужжатлари (стратегия, концепция, дастур)ни ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш, натижаларини мониторинг қилиш ва баҳолаш тизими мезонлари ва кўрсаткичлари аниқлаштирилади. Давлат ҳокимияти бошқаруви органлари тизимида стратегик режалаштириш тизимини мувофиқлаштирувчи, стратегиялар мониторинги ва баҳолаш тизимини амалга оширувчи махсус давлат ҳокимияти органининг мақомига аниқлик киритилади, унинг вазифалари ва фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланади.

Давлат бошқарувида миллий стратегик режалаштириш тизими ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши давлат ва жамиятнинг олдига қўйган олий манфаатлари, фуқароларимиз турмуш тарзини яхшилаш ҳамда ҳудудларнинг янада ривожланишига хизмат қилади.

С. Мирзокаримов
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти
етакчи илмий ходими