2026 йил 15 апрелда ҚҲСИда стратегик режалаштириш ва сиёсатни мувофиқлаштириш соҳасида салоҳиятни ошириш масалаларига бағишланган халқаро семинар бўлиб ўтди.
Тадбир Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ), Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан биргаликда Ўзбекистонда давлат бошқарувини кўриб чиқиш бўйича ИҲТТ лойиҳасининг иккинчи босқичи доирасида ташкил этилди.
Семинардан кўзланган мақсад стратегик режалаштириш, идоралараро мувофиқлаштириш ва миллий устувор вазифаларни самарали амалга ошириш масалаларида асосий давлат органларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш эди.
Тадбир давомида миллий стратегиялардан тортиб вазирлик ва идоралар кўрсаткичларигача бўлган ягона ва ўзаро боғлиқ стратегик режалаштириш тизимини шакллантириш, натижаларга асосланган бошқарув механизмларини институционаллаштириш, шунингдек самарадорликнинг сифатли ва ўлчанадиган кўрсаткичларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Алоҳида эътибор илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва уни давлат бошқарувининг миллий амалиётига мослаштириш масалаларига қаратилди.
Семинар иштирокчиларига ҚҲСИ томонидан маҳаллий бошқарув ва стратегик режалаштиришнинг норматив-ҳуқуқий ва методологик асосларини шакллантириш ва такомиллаштириш бўйича олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари натижалари тақдим этилди.
Семинар якунида стратегик режалаштириш архитектурасини мустаҳкамлаш, натижадорлик кўрсаткичлари тизимини такомиллаштириш ва давлат органлари ўртасида барқарор мувофиқлаштириш механизмларини ривожлантириш бўйича кейинги қадамлар белгилаб олинди.


