Шу йил 16 июнда ҚҲСИ етакчи илмий ходимлари Д.Дониёров ва И.Облоқулов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг йиғилишида иштирок этди.
Йиғилиш давомида ижтимоий, суд-ҳуқуқ, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва сув хўжалиги соҳаларида қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Хусусан, ҳарбий хизматчиларнинг мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Унда моддий, тиббий, уй-жой ва пенсия таъминоти бўйича кафолатлар, шунингдек, жароҳат олиш ёки ҳалок бўлиш ҳолатларида компенсация тўлаш назарда тутилган.
Жиноят-процессуал кодекси ва «Адвокатура тўғрисида»ги қонунга киритилаётган ўзгартишлар ҳам кўриб чиқилди. Ушбу ўзгартишлар жиноят жараёнида томонлар тортишуви принципини мустаҳкамлаш ва адвокатларнинг процессуал ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгартишлар қўллаб-қувватланди. Улар яроқлилик муддати ўтган ёки муддати мажбурий тарзда кўрсатилмаган маҳсулотларни сотганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутади.
Сув кодексига киритилаётган ўзгартишлар ҳам муҳокама қилинди. Уларда сувдан фойдаланиш шартномаларини автоматлаштирилган электрон рўйхатдан ўтказиш тизимини жорий этиш орқали тартиб-таомилларни соддалаштириш ва давлат хизматлари самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.
Қонун лойиҳаларини кўриб чиқишдан ташқари, йиғилишда адлия вазирининг интеллектуал мулк соҳасида фуқаролар ва бизнес ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чора-тадбирлари ҳақидаги ахбороти тингланди. Жумладан, электрон хизматларни ривожлантириш ва рўйхатдан ўтказиш жараёнларини соддалаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
